Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 13-14 сентябрь кунлари пойтахтимиз Тошкент шаҳрида Минтақавий антидопинг агентлиги (RАDОCА)нинг навбатдаги ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтади. Мазкур йиғилишда RАDОCАга аъзо мамлакатлар ўзлари томонидан допингга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳисоботи тингланади ва олдиндаги янги режалар бўйича таклифлари кўриб чиқилади.
RАDОCАга Қозоғистон, Қирғизистон, Авғонистон, Туркманистон, Тожикистон, Мўғилистон, Покистон ва Ўзбекистон Миллий антидопинг агентликлари аъзо ҳисобланади.
Ҳозирги кунда RADOCAда ўз ўрнига эга бўлган Қозоғистон миллий антидопинг маркази (QAZNADO) фаолият олиб боради ва миллий антидопинг дастурини амалга оширувчи давлат ташкилоти ҳисобланади. QAZNADO бошқа давлатларнинг антидопинг ташкилотлари, WADA, ХОҚ, халқаро федерациялар ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.
Маълумот ўрнида айтиб ўтмоқчимиз, RАDОCА Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) таркибига кирувчи ташкилот бўлиб, мамлакатларда антидопинг соҳасидаги фаолиятини мониторинг қилиб, уларга амалий ёрдам берувчи ташкилот ҳисобланади. 2004 йил WADAнинг мамлакатларда ҳалол спортни йўлга қўйиш, мамлакатларни тоза спортга жалб қилиш дастурига асосан ташкил этилган ташкилот ҳисобланади. Ҳозирги кунда дунё бўйлаб Минтақавий антидопинг агентликлар сони 12 та бўлиб, унга 119 та Миллий антидопинг агентликлари, марказлари ва Миллий олимпия қўмиталари аъзо ҳисобланади.