Жорий йилнинг сентябрь ойида Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида ўтказилган I МДҲ ўйинларида иштирок этган Муай-тай спорт тури бўйича терма жамоа аъзоси Фахриддин Хасановдан олинган допинг-синамасида тақиқланган модда аниқланганлиги ҳақида хабар берган эдик.
I МДҲ ўйинларида 57 кг вазн тоифасида иштирок этган спортчи Фахриддин Хасанов олтин медальга сазовор бўлган эди. Жорий йилнинг 8 сентябрь куни мусобақа жараёнида топширган допинг-синамасидан “мельдоний” тақиқланган моддаси аниқланган. “Meldonium” тақиқланган моддалар рўйхатининг S4. Гормонлар ва метаболизм модуляторлари синфига мансуб ҳисобланади.
Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг (WADA) Халқаро тестлаш ва тергов-суриштирув бўйича стандарти талабларига асосан, Ф.Хасанов жорий йилнинг 8 октябридан бошлаб мазкур ҳолат Россия антидопинг агентлиги (RUSADA) томонидан тўлиқ ўрганилиши ва тегишли қарор чиқазилгунга қадар спорт фаолиятидан вақтинча четлаштирилган эди.
RUSADA Ахлоқ комиссиясининг 8 декабрдаги қарорига кўра, Фахриддин Хасанов антидопинг қоидабузарликда айбдор деб топилиб, унга 4 йиллик дисквалификация жазо чораси тайинланди. Дисквалификация муддати 2021 йил 8 октябрдан бошлаб 2025 йил 7 октябрга қадар давом этади.
Дисквалификация давомида спортчи терма жамоа билан биргаликда ўқув-машғулот йиғинларида ҳамда мусобақаларда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. Спортчининг олтин медали белгиланган тартибда мусодара этилади, тўплаган рейтинг баллари бекор қилинади ва эгаллаган 1-ўрини кейинги, 2-ўриндаги спортчига тақдим этилади.
Эслатма! Антидопинг қоидаларини бузган спортчилар, мураббийлар, шифокорлар ва бошқа шахсий таркиб вакиллари учун жазо муқаррардир!.
Миллий антидопинг агентлиги
Матбуот хизмати