Умумий маълумотлар
I. Умумий маълумотлар
Ўзбекистон Республикаси ЮНЕСКО ташкилотининг Спортда допинга қарши курашиш бўйича Халқаро конвенциясини 2010 йил 19 декабр куни имзолаган.
Мазкур Конвенциянинг 4-моддаси (ҳар бир аъзо-давлат томонидан Бутунжаҳон антидопинг кодекси талабларига қатъий риоя қилиш тўғрисида), 5-моддаси (спортда допингга қарши курашиш соҳасида ягона миллий сиёсатни олиб бориш тўғрисида) ва 7-моддаси (миллий антидопинг ташкилоти фаолияти учун тегишли шароитлар яратиш тўғрисида), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 январдаги ПҚ-3457-сон қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги ташкил этилган (Uzbekistan National Anti-Doping Agency – UzNADA).
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 апрелдаги ПҚ-5057-сон қарорига асосан Агентликнинг ташкилий тузилмасига тегишли ўзгартиришлар киритилиб, ташкилотнинг жами ходимлари сони 25 нафаргача, антидопинг йўналишларига кўра бўлимлар сони 4 тагача, хизматлар 3 тагача кенгайтирилди. Шунингдек, Агентликнинг моддий-техника базаси янада мустаҳкамланиб, антидопинг таълим дастурларини жойларда ўтказилишини таъминлаш, спортчилардан қон ва пешоб допинг-синамаларини жойларга чиқиб бенуқсон йиғиш ва етказиш ҳамда хўжалик фаолиятини амалга ошириш учун жами 3 дона махсус жиҳозланган автотранспорт воситаси билан Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, А.Қодирий кўчаси, 2-уй (12-чи қават)манзили бўйича бинога жойлаштирилди.
Бутунжаҳон антидопинг кодексининг 28-моддасига мувофиқ, Агентлик давлат бошқаруви органи ҳисобланиб, мамлакатда миллий антидопинг дастурини мустақил режалаштиради ва уни Спортни ривожлантириш вазирлиги, Миллий олимпия в апаралимпия қўмиталари ҳамда миллий спорт федерациялари (уюшмалари) билан мувофиқлашган холда жорий этади.
Ўз фаолиятида Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги қуйидаги ташкилотларга бевосита бўйсунади:
- антидопинг таъминоти соҳасидаги кунлик ва оператив фаолияти масалалари бўйича – WADA Бутунжаҳон антидопинг агентлигига;
- умумий ва мувофиқлаштириш фаолияти масалалари бўйича – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига.
2021 йил 6 апрел холатига кўра, Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлигининг таркиби 4 та тармоқ бўлимларидан ташкил топган:
Бундан ташқари, Агентликда молия-иқтисодиёт (3 нафар мутахассис), юридик (1 нафар мутахассис), матбуот (2 нафар мутахассис) ҳамда инсон ресурсларини ривожлантириш (1 нафар мутахассис) хизматлари, бошқа ёрдамчи персонал мавжуд.
Агентликнинг антидопинг дастурларини молиялаштириш 2021 йилда 2018 йилга нисбатан 1,54 баравар ортиб, спортчилардан допинг-синамаларни олиш кўрсаткичи йилига 800 тагача етказилди.
2018 йил 6 март кунидан бошлаб UzNADA бош директори лавозимида Нодиржон Турсунов фаолият кўрсатиб келмоқда. Н.Турсунов тиббиёт фанлари доктори, доцент илмий унвонига эга бўлиб, Халқаро олимпия қўмитаси томонидан сертификатланган спорт шифокори (2016), Халқаро паралимпия қўмитаси томонидан сертификатланган шифокор-классификатори (2014), халқаро тоифадаги допинг-назоратчи (2015), паралимпия терма жамоалари ва турли спорт делегациялари бош шифокори ва шифокори (2012-2021 йй.), 300 га яқин илмий ишлар (шу жумладан, 50 дан ортиқ иҳтиро ва рационализаторлик таклифлар; спорт тиббиёти ва допинг-назорати, даволовчи ва адаптив жисмоний тарбия, олимпия ва паралимпия спортининг тиббий-биологик таъминотига оид 8 дарслик) муаллифи, «Шухрат» медали (2021 й.), «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони (2010 й.), «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони (2013 й.), «Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт аълочиси» (2020 й.) кўкрак нишони билан тақдирланган.
III. Агентликнинг халқаро ташкилотларида аъзолиги
Ўзбекистон Республикаси (Агентлик орқали) 2018 йилдан бери WADA Бутунжаҳон антидопинг агентлигига аъзо бўлиб, ўз вазифа ва мажбуриятларини 2021 йил давомида бажаришда давом этди. Агентлик 2021 йил учун 21984,0 АҚШ доллари миқдорида аъзолик бадалини белгиланган муддатида тўлаб, WADA олдида ҳеч қандай қарздорлиги йўқлигини таъминлади.
UzNADA Афғонистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Монголия, Покистон ва Ўзбекистон давлатларидан иборат Марказий Осиё бўйича Минтақавий антидопинг ташкилотида (RADO-CA) ҳам аъзолик вазифа ва мажбуриятларини 2021 йил мобайнида бажаришда давом этди.
2021 йилда UzNADA МДҲ ва Туркий забон давлатлар ҳамкорлиги доирасида антидопинг масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашлар таркибига кирди.
UzNADA бош директори 2018 йил ноябр ойидан бошлаб RADO-CA ташкилотининг Ижроқўми аъзоси этиб сайланган. 2021 йилда UzNADA бош директориЮНЕСКО ташкилотининг Спортда допингга қарши курашиш Халқаро конвенциясига мувофиқлик бўйича Миллий платформа раиси сифатида ЮНЕСКО ҳузуридаги ADLogic тизимининг Мониторинг гуруҳида Ўзбекистон Республикаси номидан мувофиқлаштирувчи масъул вакили бўлиб фаолият юритди.
IV. Хорижий антидопинг ташкилотлар билан ҳамкорлик
Ҳамкорлик, тажриба алмашиш ва мутахассисларни тайёрлаш тўғрисидаги меморандумлар доирасида 2021 йил давомида Миллий антидопинг агентлиги куйидаги ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга оширди:
Меъёрий-ҳуқуқий хужжатларни ишлаб-чиқиш соҳасида:
2021 йил 1 январдан бошлаб UzNADA томонидан ишлаб чиқилиб ва WADA Бутунжаҳон антидопинг агентлиги сертификациясидан ўтган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Миллий антидопинг қоидалари кучга кирди.
Шунингдек, янги таҳрирдаги Қоидаларга тегишлилигича 14 та миллий стандарт, протокол ва шакллар мувофиқлаштирилди.
Антидопинг таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш соҳасида:
Антидопинг таълим дастурлари билан спортчилар, мураббийлар, тиббий ва бошқа ходимларни қамраб олиш (35 спорт федерациялари, 6 республика олий спорт махорати мактаблари, 15 олимпия ва паралимпия захиралари коллежлари, 11 спорт йўналишдаги олий таълим муассасалари ва факультетларида 2021 йил давомида ўтказилган 316 та семинар-тренинглар), муқобил таълим шаклларини татбиқ этиш (онлайн-семинарлар; тренинглар, Outreach-дастурлар, ўқув-машғулот йиғинлари ва мусобақалар ўтказиш жойларидаги анжуманлар) даражаси ва хажми бўйича Агентлик RADO-CA аъзо-давлатлар ичида биринчи ўринни эгаллади.
Допинг-синовларини амалга ошириш соҳасида:
Ўтказилган допинг-синовларнинг умумий миқдори, шакли ва турлари бўйича Агентлик иккинчи ўринни эгаллаган бўлса (Қозоғистон Миллий антидопинг агентлигидан кейин), допинг-синовларини ўтказиш йиллик динамикаси бўйича эса (2018 йилда – 40; 2019 йилда – 277; 2020 йилда – 615; 2021 йилда – 749 допинг-синама) Агентлик RADO-CA аъзо-давлатлари ичида биринчи ўринни эгаллади. Шу билан бирга, ижобий натижали допинг-синамаларнинг манфий динамикаси (2018 йилда – 2,6%; 2019 йилда – 2,1%; 2020 йилда – 1,7%; 2021 йилда – 1,4%) WADA Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг ўртача статистик кўрсаткичига етказилгани амалга оширилаётган миллий антидопинг дастурининг самарадорлигини тасдиқлаб берди. 2021 йилда Ўзбекистон антидопинг харакатининг тарихида биринчи марта қон допинг-синамалари олиниб (5 та АВР-синамалари), Анкара антидопинг лабораториясида тахлил қилинди.
Допинг-тестлаш жараёнининг дастурий ва техник таъминотини таъминлаш соҳасида:
2021 йил 1 июлдан бошлаб Агентлик допинг-назоратчилари мусобақалар ҳамда ўқув-машғулот йиғинлари давомида допинг-синамалар олиш чоғида маълумотларни киритиш бўйича WADA Бутунжаҳон антидопинг агентлиги тавсия этган электрон расмийлаштириш тизимига тўлиқ ўтишди. Бунинг учун Агентлик WADA DCO Central порталига уланиб, 6 та махсус дастурий таъминотли планшетларни харид қилди. Агентликнинг барча допинг-назоратчилари электрон протоколллар билан ишлаш учун аккредитациядан ўтишди. Бунинг натижасида, 2021 йилда Ўзбекистон ушбу электрон протоколлаштириш тизимини жорий этиш бўйича RADO-CA аъзо-давлатлари ичида биринчи ва жаҳон давлатларининг биринчи ўнталигидан жой олди.
Йирик спорт мусобақалари ташкилотчилари билан ҳамкорлик қилиш соҳасида:
2021 йил давомида Ўзбекистон ҳудудида бўлиб ўтган барча 13 халқаро мусобақалар давомида Агентлик мутахассислари ўтказган допинг-назорати ва антидопинг тарғибот-ташвиқот ишларининг сифатига йирик спорт мусобақалари ташкилотчилари (Халқаро олимпия қўмитаси, Халқаро паралимпия қўмитаси, спорт турлари бўйича Осиё конфедерациялари, халқаро спорт федерациялари) томонидан юқори баҳо берилди. Бошқа антидопинг ташкилотлари (ITA, Smart-Testing, IOC-Testing, IPC-Testing ва бошқалар) хизматларини танлашдан кўра UzNADA мутахассисларини Ўзбекистонда ўтказилаётган жаҳон ва Осиё чемпионатлари ва кубокларига жалб қилиш кўрсаткичи 2020 йилга нисбатан 1,6 барвар ортди. Масалан, 2018 йилда UzNADA допинг-назоратчилари 2 халқаро мусобақада допинг-синамалар олишган бўлса, 2019 йилда бу рақам 6 тани, 2020 йилда – 8 ва 2021 йилда – 13 тани ташкил этди.
Бутунжаҳон антидопинг кодекси ва Халқаро стандартларга мувофиқлик аккредитациясидан ўтиш соҳасида:
2021 йил 16 декабр куни WADA CRC Кодексга мувофиқлигини аниқлаш қўмитаси берган 23 назорат талаблари Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги томонидан бажарилиб, амалиётга татбиқ этилди. Бунинг натижасида UzNADA 2022-2023 йилларда антидопинг фаолиятининг тўлиқ циклини амалга ошириш учун WADA аккредитациясидан муваффақиятли ўтди.
Маълумки, 2022 йил 10-25 сентябр кунлари Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида XIX Ёзги Осиё ўйинлари ҳамда октябр ойида Пара Осий ўйинлари бўлиб ўтади. Ушбу тадбирда 60 спорт туридан 81 спорт дисциплинаси бўйича мусобақалар ўтказилади. Осиё ўйинлари давомида спортчилар ва параспортчилардан допинг-синамалар олинади. Лекин хозирда Бутунжаҳон антидопинг агентлиги, Халқаро спорт федерациялари ҳамда Ханчжоу-2022 Ташкилий қўмитаси томонидан худди Токио-2020 Ёзги олимпия ўйинлари сингари, 2022 йилги Осиё ўйинларига ташриф буюришдан аввал лицензия олган ва лицензияларга давогар спортчиларнинг рўйҳати тузилиб, улар албатта ўз давлатида 2-3 марта допинг-синама топширишлари зарурлиги кўриб чиқилмоқда. Бундан асосий мақсад – максимал даражада тоза, тақиқланган моддалар истеъмол қилмаган спортчиларни Ўйинларга қўйиш. Шунингдек, 2022 йилги Осиё ва Пара Осиё ўйинларининг иштирокчи-спортчилар учун режали антидопинг семинарлари ўтказилиб, уларга соҳага оид турли маълумотлар (тақиқланган моддалар рўйҳати, допинг-тестлаш жараёнида спортчининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, АДАМС тизимида спортчига иегишли шахсий маълумотни киритиб бориш, фавқулотда вазиятда ўзини тўғри тутиш қоидалари) берилади. Бундан ташқари, “Осиё-2022 ўйинларида допинг-назорат” номли тарқатма материаллар тўплами электрон шаклда Миллий олимпия ва паралимпия қўмиталари ҳамда спорт федерациялари ва уюшмаларига тақдим этилади.
Ҳозирда Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг ADEL электрон таълим платформасининг давлат тилига ўгириш ишлари Агентлик мутахассислари томонидан бошланган бўлиб, бу спортчилар, мураббийлар ва спорт шифокорларига исталган жой ва вақтда платформадан фойдаланиш ва керакли маълумотларга эга бўлиш, соҳа бўйича билимини ошириш ва мустаҳкамлаш учун қўшимча шароит яратади.