Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги Ахборот хизмати раҳбари Ҳумоюн Омонов маълум қилди.
Жорий йил феврал ойида Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг Махсус ишчи гуруҳи Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги фаолиятини аудит текширувидан ўтказди ва ҳозирги кунда ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.
Спортчиларни допинг синамаларини текшириш учун WADA томонидан аккредитациядан ўтган лаборатория билан анализларни сифатли текширтириш мақсадида 2025 йил учун ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Мамлакатимизда фаолият олиб бораётган мураббий, спорт шифокори ва масъул ходимлар учун 24 соатлик малака ошириш курслари ташкил этилмоқда. Тошкент шаҳри ва вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Фарғона, Андижон, Навоий ва Бухоро вилоятларида жами
610 нафар мутахассисларга сертификатлар тақдим этилди.
Шу кунга қадар 19 та федерация (ассоциациялар) ва спорт мактабларининг 700 нафар спортчиларига “Антидопинг таълимоти” семинарлари ўтказилди.
Агентлик томонидан ишга туширилган talim-uznada.uz платформасидан ҳозирги кунга келиб, 17.573 та фойдаланувчи рўйхатдан ўтган ва
15.550 нафар спортчи курсни якунлаб сертификат олишга эришди. Шунингдек, Миллий антидопинг агентлиги ва Спорт вазирлиги билан тасдиқланган қўшма қарорга асосан, 2025 йилдан бошлаб Ўзбекистон чемпионати ва кубоги мусобақаларида иштирок этадиган спортчилар сертификат олгандан сўнг мусобақаларга қатнашишга рухсат берилиш талаби йўлга қўйилган. Ҳозирги кунга келиб барча мусобақалар ушбу тартиб асосида ўтказилмоқда.
Халқаро тестлаш агентлиги (ИТА) томонидан 2 нафар агентлик мутахассиси Халқаро даражадаги допинг офицер мақомига эга бўлди ва умумий қилиб айтганда ҳозирги кунда Агентликда 5 нафар халқаро даражадаги допинг офицерлар фаолият олиб бормоқда.
ADAMS тизимига жойлашув маълумотларини ўз вақтида киритмаган 17 нафар спортчиларга огохлантириш берилди. Дисквалификация зажо муддати тугаган 2 нафар спортчи профессионал спортга қайтди.
Жорий йил давомида жами 235 та допинг синамалар олинди. Шундан, 19 та спорт тури бўйича мусобақадан ташқари 123 та тест олинган. Қолаверса, Халқаро ташкилотлар томонидан тушган буюртма асосида
46 та синама олинди. Алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим Халқаро ташкилотлар томонидан тушган буюртмалар ўтган йилга нисбатан 3 карра ошди.
Шунингдек, йил бошидан шу вақтга қадар 4 та спортчида антидопинг қоидабузилиш ҳолатлари қайд этилган. Булардан, 1 та спортчига спортдан четлатиш жазо чораси қўлланилган бўлса, 1 нафар спортчининг иши ўрганилмоқда ва 2 нафар спортчининг анализларида ижобий допинг таҳлили бўлсада, ушбу спортчиларга фаолиятини давом эттириш имкони яратилди.
Таққослаш учун, 2024 йил май ойи ҳолатига 6 нафар спортчида қоидабузилиш ҳолатлари аниқланган эди.